12:55 Урологик касалликлар. | |
Пешоб йўлларидаги касалликларни даволаш усуллари Поликлиникага бир бор ташриф буюрган киши қай бир хонада қайси шифокор ўтиришини жуда яхши билиб олади. Чунки тиббий текширув пайтида деярли барча хоналарга кириб чиқилади. Хўш, лор, кардиолог, терапевт, ортопед... Бу хоналарни яхши биламиз. Яна бир эшик олдидаги ёзувни кўрсак-да, ёнидан тезроқ ўтиб кетишга шошиламиз. Бу уролог хонаси. Унда «ҳалигидек» касалликлар даволанади-да... Агар уролог даволайдиган касалликлар ҳақида шундай тушунчангиз бўлса, адашасиз. Ахир у буйракдан тортиб, қовуққача бўлган сийдик йўллари ва жинсий аъзолардаги хасталикларни даволайди. Бу аъзоларнинг ҳам саломатликка аҳамияти жуда катта. Биргина мисолни олайлик. Қайси шикоят билан келишингиздан қатъи назар, шифокор, албатта, сийдик таҳлили топширишингизни буюради. Чунки у орқали организмда нима нотўғри кечишини билиш жуда осон. Сийдик йўллари аъзоларини эҳтиёт қилмас экансиз, нохуш касалликлар сизни таъқиб қилиши, шу билан ҳаётимизни издан чиқариши, кучли оғриққа дучор қилиши мумкин. Улар орасида айниқса уретрит номли касаллик ўта нохуш ҳисобланади. «уретрит» сўзи сийдик йўлларининг яллиғланиши деган маънони билдиради. Унга чалиниш учун биргина нарсанинг ўзи кифоя - шамоллашга йўл қўйиш. Касалликка йўлиқдингизми, даволаш бироз қийинроқ кечади, бунга тайёр туринг. Лекин беморман, дея тушкунликка тушманг. Сизга ёрдам бериш бизнинг бурчимиз. Танти ўзбеклигимиз шунда билинади - сизни ёлғиз қолдирмаймиз, балки саломатлик хазинамизнинг гавҳару олмосларини очиққўллик билан улашамиз. Ва биринчи ишимиз тариқасида урологик касалликлар, умуман, урология ҳақида тушунча беришни бошлаймиз. УРОЛОГИЯ - ГИППОКРАТ ВА ИБН СИНО АСОС СОЛГАН ТАЪЛИМОТ Қадимги Юнонистонда буйрак касалликларини даволайдиган, сийдик пуфагидан тошларни оладиган шифокорлар бўлгани тарихдан маълум. Сийдик-тош касаллигини даволашда Абу Али ибн Синога ҳам тенг келадигани бўлмаган. Унинг машҳур «Тиб қонунлари» асарида сийдик пуфагини операция қилиш, унга катетер (махсус мослама) қўйиш усуллари батафсил берилган. Араб тиббиётида эса илк бор беморнинг сийдигининг рангига қараб ташхис қўйиш қўлланилган. Фақат кейинчалик ташхислашнинг бу усули бошқа мамлакатларга тарқалган. Россияда сийдик йўли муаммолари билан шуғулланувчи табиблар IX асрда пайдо бўлган. XII асрда эса рус подшосининг невараси Евпраксия тиббий асар ёзади ва сийдик йўллари касалликлари ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтади. Кейинчалик Европада ҳам бу соҳани ривожлантириш бўйича кўп ишлар қилинди. Хусусан, XVI асрда яшаб ўтган испаниялик шифокор Фарансиско Диас Мадридда урологик касалликларга оид йирик қўлланмасини чоп эттирди. Бу асарда ташхислаш ва даволаш учун керакли асбоблар, даво чоралари ҳақида батафсил маълумот бор эди. Ушбу суюқлик мия қоринчаларида ҳосил бўлиб, бош мия ва орқа мияда ҳаракатланиб, уларни керакли озуқавий моддалар билан таъминлайди. Шарқ табобатида сийдик йўллари касалликлари одамнинг кўриш ва эшитиш қобилиятига таъсир этади, деб ҳисоблашган. Қадимги юнонлар эса сийдик йўли ва қовуқнинг яхши фаолияти одамнинг насл қолдиришини белгилашини таъкидлашган. Ҳозирги кунга келиб, ҳақиқатан ҳам, бу касалликлар беморда бепуштликка сабаб бўлиши аниқланмоқда. ХХ асрга келиб, урология мустақил фан сифатида ўрганила бошланди. Шу пайтдан бошлаб тиббиётнинг бу соҳаси тобора ривожланиб, даволашда янгидан-янги усулларни тақдим қилиб келмоқда. Ҳозирги вақтга келиб, бу соҳа вакили - уролог зиммасида кўплаб вазифалар мавжуд. Уролог организмнинг энг нозик тизимларидан бирини даволайди, десак адашмаган бўламиз. Иккала жинс вакиллари турли урологик хасталиклардан қийналишади. Аёлларнинг жинсий аъзолари хасталиклари билан шуғулланувчи шифокор урогинеколог деб номланади. Аёллар кўпроқ сийдик йўли касалликлари (цистит) дардидан азият чекадилар. Эркакларда эса энг кўп учрайдиган урологик муаммо простатит ҳисобланади. Шунга кўра, эркаклар саломатлиги бўйича уролог-андрологлар шуғулланади. Улар эркакларнинг жинсий аъзо хасталиклари бўлган (баланит, простата гиперплазияси ва мояк яллиғланиши, бепушт-лик) ва яна кўплаб бошқа касалликларни даволайди. Шунингдек, уролог буйрак касалликлари (неф-роптоз, пиелонефрит ва буйрак-тош касаллиги)ни, сийдик пуфагининг яллиғланиши, уретрит, сийдик тутолмаслик, сийдик йўллари касалликларини даволайди. Операция йўли билан ҳал қилинадиган урологик касалликларни эса уролог-жарроҳ бажаради. Урологик касалликларнинг белгилари жуда сезиларли бўлади. Белдаги симилловчи оғриқ, қорин пастидаги оғриқ, жинсий аъзолардаги ачишиш, қизиш ҳисси, тез-тез кичик ҳожатга қатнаш кабилар сийдик йўллари касалликларининг аниқ белгилари сирасига киради. Бу ҳолатни сезгач, албатта, шифокор-уролог кўригидан ўтиш зарур. СИЙДИК-ТАНОСИЛ ТИЗИМИНИНГ ТУЗИЛИШИ Касалликнинг сабабларини билиш, белгиларидан хабардор бўлиш учун бу аъзоларнинг тузилиши ҳақида оддий бўлса-да тушунчага эга бўлиш керак. Бу ҳақда сизга маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Сўзларимиз янада тушунарли бўлиши учун расмга қаранг. Сийдик-таносил тизимининг бош нуқтаси - буйраклар ҳисобланади. Улар ҳақида кўп ва хўп гапирганмиз. Аммо ундан кейинги жойлашадиган аъзолар ҳам бор. Буйракларимиз худди ўпка сингари жуфт аъзо: катталиги муштдеккина олмадек келади. Аммо кўринишидан олмани эмас, бир жуфт ловияни эслатади. Буйракларнинг асосий вазифаси - сийдик ишлаб чиқариш саналади. Буйракларнинг ҳар биридан узун найча - сийдик йўли ўтади. У тўғридан-тўғри сийдик пуфаги (қовуқ)га уланади. Сийдик пуфаги қориннинг пастки қисмида жойлашган бўлиб, ўзида 200-500 мл. гача сийдик йиғади. Организмдан суюқликнинг чиқиб кетиши учун сийдик чиқарув канали — уретра (сийдик чиқадиган жой) хизмат қилади. Биз таъриф бермоқчи бўлган касаллик ҳам айнан шу жойда — уретрада учраб, унинг деворларини чунонам емиради-ки, дардга йўлиққан бемор оғриқдан ўзига жой тополмайди. Касаллик илмий тилда уретрит деб юритилади. УРЕТРИТ — КИШИГА ОЗОР БЕРУВЧИ ДАРД Касаллик лотин тилидан олинган бўлиб, сийдик чиқарув канали ёки деворининг яллиғланишига айтилади. Бунда «уретра» — сийдик чиқарув канали, «ит» қўшимчаси эса яллиғланиш деган маънони билдиради. Яллиғланиш сийдик йўлининг олдинги, орқа қисм-ларини, баъзан эса канални бутунлай зарарлаши мумкин. Урологик касалликлар орасида у энг кўп тарқалган ҳисобланади. Яна бир жиҳати у ёш ёки жинс танламайди. Сийдик йўллари касалликлари ёш болаларда ҳам, кексаларда ҳам, аёл-эркакларда баравар учрайди. Лекин эркакларда унинг белгилари анчайин оғриқли бўлиши мумкин. САБАБИ ОДДИЙ – ШАМОЛЛАШ Нима деб ўйлайсиз, нега яллиғланиш айнан сийдик йўлларини танлайди? Ўйлаб қаралса, сабаблар талайгина. Асосий сабаб - одамларнинг эътиборсизлигида! Сийдик-таносил тизими одамларнинг бу хислатини жуда ёмон кўради. Енгилгина шамоллаш, вақтида даволанмаган тиш касалликлари, ангиналар, совуқ, зах ерда ўтириш - кўпчилик учун таниш ҳол, тўғрими? Унда биз айтиб ўтган аъзоларни умуман аямас экансиз. Ахир буйракдан сийдик йўлигача бўлган аъзолар тинимсиз қонни микроб-бактериялардан тозалайди. Шу пайт организмни иссиқ сақлаш ўрнига совқотишига йўл қўйсангиз, бир кунмас-бир кун бу тизим ишида бузилиш содир бўлади. Шамоллашдан кейин бел соҳасида тортувчи оғриқ, ҳожатга боргандан кейин ачишиш, кечга яқин озгина иситма кузатилса, билингки, «оддийгина шамоллаш»ингиз нафас йўлларидан анча пастга, сийдик йўлларига ўтган. Чунки ангина, гриппдан пастки аъзолар баравар азият кўради. Буни қадрли мухлисларимиз доим ёдда тутишлари керак. Шунинг учун шамоллашни даволашда кўпроқ иссиқ ўраниб ётиш керак, томоққа компресс қўйилади, оёққа иссиқ ванна қилинади. Бу оддий муолажалар билан яллиғланишнинг буйрак, қовуқ ва жинсий аъзоларга ўтишига йўл қўймайсиз. Лекин фақат дорига ёпишиб, касалликни оёқда ўтказишга қарор қилсангиз, тарози палласи касаллик томонда бўлади. Тўғри-да, шамоллаш сизга чўт эмас. 1-2 кун «тез тузатадиган» дори ичиб, яна бардам-бақувватсиз. Билмайсиз-ки, эндиликда сийдик йўлида душманингиз бор. У тезгина кўпайиб, сийдик йўли, сийдик пуфагини яллиғлайди. Натижада улар вазифасини кўнгилдагидек бажармай қўяди. Касаллик шунчалик яширин кечадики, уни сезганингизда аллақачон сурункали тус олган бўлади. КАСАЛЛИКНИНГ БОШҚА САБАБЛАРИ Уретрит касаллигининг сабаблари: муолажа пайтида сийдик чиқарув йўли шикастланиши; қандли диабет асорати сифатида; бирон-бир дори турига ёки озиқ-овқат маҳсулотларига аллергия туфайли; жинсий аъзолардаги қон айланиш бузилиши оқибатида; буйракларда бирон муаммо бўлса (бунда яллиғланиш жуда тез сийдик йўлига тарқалади); сийдик пуфагида тош бўлса, улар ҳаракатга келиб, сийдик йўли деворини шикастлайди; одам қаттиқ зўриқиб чарчаганида; овқатланишда аччиқ, шўр, мариновка қилинган газак ва таомлар ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилинса ҳам одамда уретритнинг нохуш белгилари кузатилиши мумкин. ТУРЛАРИ КЕЧИШИГА ЯРАША Келиб чиқишига қараб, касаллик: 1. Специфик (оддий); 2. Носпецифик (мураккаб); 3. Бирламчи; 4. Иккиламчи турларга бўлинади. Касалликнинг специфик тури қандай бўлишини оддий сўзлар билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. У жинсий йўл билан юқадиган - (хламидия, микоплазма, уреаплазма, трихомонада, сўзак, гарднерелла) каби одамга кўп азият берадиган юқумли касалликлар сабаб бошланади. Носпецифик турини эса (стафилококк, стрептококк, ичак таёқчаси, протей) каби қон ёки сийдик йўлига ташқаридан кирган бактериялар келтириб чиқаради. Бирламчи турида яллиғланиш сийдик чиқарув каналида юзага келади. Бу эр-хотиннинг бирида тери-таносил касаллик бор бўлса, яқинлик пайтида бир-бирига юқади. Касалликнинг иккиламчи турида эса организмдаги яллиғланиш ўчоғи (бу чириган тишлар, томоқдаги ангина ёки жинсий йўллардаги шамоллаш туфайли) сийдик чиқарув йўлига ҳам тарқалади. Шунинг учун ҳам у иккиламчи яллиғланиш деб аталади. Кечишига қараб, касаллик ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир тури бирданига, жуда кескин иситма билан бошланади. Сурункали тури эса касалликни ўтказиб юборганда юзага келади. Бунда бемор гоҳ кучли оғриқ ва ачишиш сезади, гоҳида эса касаллик ўз-ўзидан йўқолиб, беморни безовта қилмай қўяди. Лекин кутилмаганда яна қайталанади. БЕЛГИЛАРИ ҚАНДАЙ? Касалликнинг ўзига хос белгилари ҳам бор: сийдик ажралиши пайтида оғриқ, қизиш, ачишиш; сийдик йўлидан йиринг ажралиши; жинсий аъзолар, айниқса, сийдик чиқарув аъзоси атрофининг қизариши. ДАРВОҚЕ... сийдик-таносил тизими касалликлари кўп ҳолларда яширин кечиш эҳтимоли ҳам бор. Ёки шундай белгилари бўладики, оддий чарчоққа йўйиб қўясиз. Илк белги сифатида қорин соҳасидаги ачишиш ёки ҳожатга боргандаги азиятлар эмас, оддий бош оғриқ хабар бериши мумкин! Бунда кўпроқ бошнинг пешона соҳаси оғрийди. Сийдик йўлларидаги яллиғланиш ҳақида яна тез-тез томоғингиз оғриши ҳам «сўзлайди». Бу ҳам майлига, товонда ёриқларнинг кўпайиши ҳам сийдик йўлида муаммо борлигини билдиради. ЭЪТИБОРСИЗЛИК ЎЗИНГИЗГА ЗАРАР Борди-ю, бемор бу белгиларга эътибор қилмай, оғриққа чидашга қарор қилса, бир оз вақтдан кейин улар ўз-ўзидан ўтиб кетади. Чунки организм бор кучини ишга солиб, яллиғланиш ўчоғини «ўчириш»га эришади. Лекин олов ўчгани билан уни келтириб чиқарган қўзғатувчилар соғ-омон организмда яшайверади. Ҳатто даволанмаганингиз сабаб, уларнинг сони ошиб бораверади. Эркакларда улар простата безида ёки уруғ пуфакчаларида, аёлларда эса жинсий аъзоларнинг кичик безларида қўним топади. Касаллик қўзғатувчиси энди аввалгидек кескин ҳаракатлар қилмайди. У қулай вазият кутади. Арзимаган совиқотиш, елвизак таъсирида шамолладингизми, дарҳол сийдик йўлларида ачишиш орқали яна ўзи ҳақида эслатади. Эркакларнинг ноўрин спиртли ичимликлар ичиши ҳам касалликни қўзғаши мумкин. Ана унда касаллик сизга икки карра кучли кўринишда қайтади. Ва ўзи билан сурункали простатит, везикулит, эпидидимит каби касалликларни етаклаб келади. Уларнинг хавфи нимада, биласизми? Бари бепуштликка олиб келади! КЕРАКЛИ МАСЛАҲАТ: Кичик ҳожатга чиқишни канда қилманг. Сабр қилиб «чидаш» сизга қимматга тушиши мумкин. Катта ёшли одам учун бир кунда 4-6 мартагача кичик ҳожатга чиқиш меъёр ҳисобланади. Борди-ю, кам ҳожатга борсангиз, сийдик қовуқда йиғилиб қуюқлашади, бактериялар сони кўпаяди. Бу ҳам етмаганидек, сийдик йўлида қум ва тошлар пайдо бўлиши, яллиғланиш кучайиши учун замин яратилади. ДАВО ЧОРАЛАРИНИ ТЕЗРОҚ БОШЛАНГ Биринчи галда ташхислаш (сийдик ва қон таҳлилини топшириш, махсус текширувдан ўтиш) ишлари бажарилади. Касалликни даволашда энг асосий даво - бактерияларга қарши дорилар қўллаш ҳисобланади. Лекин бу ерда ҳам маълум миқдорга эътибор бериш керак. Айтайлик, бир хил дори беморга ёрдам берди. Аммо иккинчисига умуман тўғри келмаслиги мумкин. Шунинг учун, танишларингизга «бирпасда» ёрдам берган дори сизга умуман тўғри келмаслиги мумкин. Ахир шунинг учун шифокор ташхис қўяди, таҳлилда эса алоҳида - фақат сизнинг организмингизга мансуб қўзғатувчи аниқланади. Шундай экан, танишларнинг маслаҳати ёки зўр реклама қилинган дорига эмас, малакали шифокор тавсиясига қулоқ тутинг. Чунки шифокор-уролог ҳар бир бемор учун алоҳида даво режасини тузади. Дори-дармонлар ҳам беморнинг аҳволи, касалликнинг кечишига қараб белгиланади. Айниқса, С, В1, В6 витаминлари, тинчлантирувчи воситалар (арслонқуйруқ ёки асарун, валериана тиндирмаси) буюрилади. Тиббий муолажалар пайтида эса наъматак ёки чаканда (облепиха) мойини сийдик йўлларига ҳам юборилади. Иссиқ муолажалар - озокерит, парафин ва балчиқли аппликациялар ёрдамида аъзоларда қон айланиши яхшиланиб, оғриқ йўқолади. Бу касалликнинг ўткир турига оид йўриқномалар. Сурункали (ўтказиб юборилган) турни даволаш эса анча қийинроқ кечади. Бунда сийдик каналига дори-дармонлар юборилади, иммун тизимни кўтарувчи дори-дармонлар, маҳаллий даво чоралари қўлланилади. Айниқса, маҳаллий даво чораларига катта аҳамият берилади. Бунда махсус муолажа пайтида сийдик йўлига антибиотик ва яллиғланишга қарши доривор моддалар юборилади, Иссиқ сувда гиёҳли ўсимликлар (мойчечак, тирноқгул) ёрдамида обзан қабул қилиш, яллиғланишга қарши шамча, тампонлар қўллаш ҳам фойда қилади. БИЛАСИЗМИ? шифокорларнинг айтишича, томорқада ишлаш сийдик йўли касалликларида, албатта, ёрдам беради. Умуман, чўккалаб бажариладиган барча уй юмушлари сийдикнинг бир маромда ажралишига ёрдам бериб, касалликдан шифо топишга хизмат қилади. ФИЗИОТЕРАПИЯ УСУЛЛАРИ ЁРДАМИДА ДАВОЛАШ Бу усулнинг ножўя таъсири умуман йўқ. Фойдаси ҳақида эса ҳали кўп эслайсиз. Сабаби дори-дармонлар касаллик қўзғатувчисини бостиришга ҳаракат қилса, физиодаволаш чоралари яллиғланиш асорати билан курашади. Физиотерапия дорилар билан эмас, табиий физик омиллар - ёруғлик, иссиқлик, ультратовуш, лазер, магнит ва электр майдонлар ёрдамида даволайди. Бу таъсирлар организмга жуда ёқади. Чунки дорилар маълум касалликни даволаса-да, жигар, буйракларни зўриқтириб қўйиши ҳеч ким учун сир эмас. Лекин физиодаволаш муолажалари ҳам барчага бирдек буюрилмайди. Улар ҳар бир беморга унинг аҳволи, касалликнинг кечишига қараб белгиланади. Сийдик йўллари касалликларини даволашда физиодаволашнинг иссиқлик билан, лазер, магнит, ультратовуш ва электрофорез усулларидан фойдаланилади. Мисол учун, электрофорезда магнит майдони билан бирга яллиғланиш жойига махсус доривор моддалар юборилади. Уларнинг барчаси организмга оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши, қон айланишни тезлаштирувчи таъсир кўрсатади. Даволашнинг яна махсус усули - озонотерапия саналади. У вирус ва замбуруғларга қарши таъсир кўрсатади, қон босимини меъёрлаштиради, даволанишнинг самарасини оширади. Озон сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, «ҳидсиз» деган маъно билдиради. У биз нафас олиб турадиган ҳавода бўлади. Озон, айниқса, тоғли жойларда ёмғирдан кейин сезилади. Тиббиётда озон газини кислород билан бирлаштириб, махсус идишга қамаб, қонга ёки яллиғланган жойларга стерилланган суюқлик билан бирга юборилади. Шунда даволаниш анча тез кечади. ПАРҲЕЗ ЖУДА МУҲИМ Даволанишда парҳезга риоя қилиш ҳам муҳим. Қуйида парҳезли маҳсулотлар жадвалини келтирамиз: ФОЙДАЛИ МАҲСУЛОТЛАР: тарвуз, бодринг, укроп, селдир, қулупнай, қорағат (смородина) у топилмаса, олча барги дамламаси; сабзавотли қайнатма ва димламалар,гречиха ва сули ёрмасидан тайёрланган бўтқалар; лимон, сабзи, шотут, анор шарбати; булғор қалампири, балиқ, лавлаги, карам, ошқовоқ, олхўри; ҳар хил гиёҳли дамламалар, наъматакли чой, ширчой. Бу маҳсулотларнинг барчаси нафақат сийдик ҳайдайди, балки сийдик йўлларини тозалаш хусусиятига ҳам эга! МУМКИН ЭМАС: аччиқ, майонезли газаклар, тузламалар; газли, спиртли ичимликлар ичиш; таркибида крем, қаймоқ бўлган ширинлик ва пишириқлар, шоколад; колбаса, калла-поча, гумма; зираворлар, қаҳва, аччиқ қора чой, редиска, турп, мош ловия, нўхат. бу маҳсулотлар эса сийдик-таносил аъзоларининг бемалол ишлашига йўл қўймайди, сийдикда туз миқдорини кўпайтириб, танада шишлар, аъзоларда эса ачишишни келтириб чиқаради. ГИДРОЦЕЛЕ - МОЯК ИСТИСҚОСИ КАСАЛЛИГИНИНГ ДАВОСИ БОРМИ? 6 ойлик ўғлимнинг моягида шиш бор. Шифокор буни водянка (мояк истисқоси) эканлигини тасдиқлади. Уни операция йўли билан даволашаркан. Бу касалликни дорилар билан даволаб бўлмайдими? Зуҳра ПАРПИЕВА, Наманган шаҳри Афсуски, йўқ. Бу касалликни даволашда ҳозирда жарроҳлик усули қўлланилади. Жараён самарали ва асоратсиз ўтиб, кейинчалик болада моякда сув йиғилиши кузатилмайди. Бу касалликнинг номи халқ тилида - мояк ис- тисқоси, илмий тилда эса гидроцеле дейилади. Бунда hydor - сув, суюқлик ва сele - шиш деган маъноларни билдиради. Бу касалликда эркак жинсий аъзолари (моягида) суюқлик йиғилиб, шишиб кетади. Касаллик ўғил болалар ҳамда катталарда баравар учрайди. Чақалоқларда касаллик туғма нуқсон туфайли рўй берса, катталарда 20-30 ёшлар атрофида турли хил яллиғланиш касалликлари ёки шикаст таъсирида бошланади. Сабаблари бисёр XX асргача касалликнинг асосий сабаби, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, айниқса, сўзак ҳисобланган. Ҳозирги кунда гидроцеле кўпроқ турли яллиғланиш жараёнлари, шикастлар сабабли рўй бермоқда. Яллиғланиш ҳақида-ку, ҳар доим кўп ва хўп гапирамиз. Шамоллашга эса биринчи навбатда, елвизакда қолиш, совуқда ўтириш, жинсий аъзоларнинг гигиенасига эътибор бермаслик каби эътиборсизликлар сабаб бўлади. Шикастларга келадиган бўлсак, баъзан улар шунчалик арзимас бўладики, бемор уларга эътибор бермаслиги ҳам мумкин. Лекин 2-3 ҳафтадан кейин моякнинг бир томонида оғриқсиз шиш пайдо бўлади. У борган сайин катталаша бораверади. Касалликнинг бу тури йиллаб давом этиши мумкин. Шу тариқа жараён сурункали тус олади. Бемор фақат кичик ҳожатга чиққанида қийналгани сабаб, шифокорга мурожаат қилади. Аслида, касалликнинг вақтида олдини олса бўлади-ку? Касалликнинг асорати сифатида жинсий ҳаётда ҳам кўп қийинчиликлар кузатилиши, бу эса беморнинг бепуштлигига олиб келиши мумкин. Баъзан эса истисқо буйрак касалликларининг асорати сифатида ҳам юз беради. Белгилари қандай? Туғма турида моякдаги суюқлик ҳажми кун давомида кўпайиб, уйқудан кейин камаяди. Орттирилган турида эса мояк доим шишган бўлиб, оғримайди. Касалликнинг ўткир турида яллиғланиш туфайли бемор оғриқ сезиши, тана ҳарорати эса кўтарилиши мумкин. Даво чоралари Айтиб ўтганимиздек, касалликнинг туғма тури фақат операция йўли билан даволанади. Бунда, албатта, боланинг ёши, умумий аҳволи инобатга олинади. Операция бола 2-3 ёшга киргандан кейин амалга оширилади. Касалликнинг орттирилган турида эса бу ҳолатнинг асл сабабчилари - жинсий аъзолардаги шамоллаш, яллиғланишни йўқотиш керак. Агар касаллик ўткир эпидидимит, орхит кабилар таъсирида юз берган бўлса, бемор антибиатериял воситалар ёрдамида даволаниши, ётиш режимига риоя қилиши керак. ХАЛҚОНА УСУЛЛАР ЁРДАМИДА ДАВОЛАНИШ Касалликни даволашда дори-дармонлар билан бир қаторда уй шароитидаги муолажалар ҳам яқиндан ёрдам бериши мумкин. Биз тавсия қилаётган табиий неъматлар организмга кучайтирувчи, яллиғланишни бартараф этувчи таъсир ўтказади. Лекин уларни қўллашдан аввал даволовчи шифокор билан, албатта, маслаҳатлашинг. Чунки бир организмга кор қилган даво бошқаларга умуман тўғри келмаслиги мумкин. Уретрит касаллигини даволашда: ПЕТРУШКА - Барги кашнич кўкатига ўхшаб кетадиган, аммо уникига қараганда йирикроқ, ҳиди эса ундан-да ўткирроқ бўлган бу кўкатни бозор расталаридан бемалол топишингиз мумкин. Кўкат бир боғ миқдорида олиниб, яхшилаб ювилади. Майда тўғраб, сирланган идишга солинади. Устига ёпадиган даражада қилиб, сут қуйилади ва газ буғхонасида 2 соат паст оловда пиширилади. Ҳосил бўлган қуюқ аралашма ҳар 2 соатда 1 ош қошиқдан қабул қилинади. Шу тариқа кун давомида аралашмани бутунлай ичиб бўласиз. Бу усул орга- низмни кучайтириб, барча яллиғланишларга барҳам беради. Уни доим тайёрлаб ичишга одатланинг, чунки у қабзият ва ич оғриқларда ҳам ёрдам беради, сийдик йўлларидаги шамоллашни яхши йўқотади. СЕДАНА УРУҒИ - ҳар куни наҳорга (нонуштадан ярим соат олдин) седана уруғидан бир чимдим истеъмол қилиш сийдик юришини равон қилади ва ўзи билан шамоллашнинг чиқишига ёрдам беради. ҚОВУН ПЎСТИ - Қовун уруғи ва пўстини қуритиб, ундан чой қилиб ичиш буйрак касалида яхши ёрдам беради. МАККАЖЎХОРИ ПОПУГИ - уни қайнатиб, суви ичирилади. Бу қайнатма сийдик йўлидаги ҳар қандай инфекцияни йўқотишда ёрдам беради. Қайнатмани тайёрлаш учун 3 ош қошиқ маккажўхори попугидан олиб, сирланган идишга солинади, устига бир ярим пиёла сув солиб, ярим соат паст оловда қайнатилади. Қайнатмадан ҳар 3-4 соатда 3 ош қошиқдан ичилади. ПОЛ-ПОЛА -ўсимлигидан бир ош қошиқ олиб, устига бир пиёла совуқ сув қуйилади. паст оловда 15 дақиқа қайнатгандан ке-йин 2 соатга иссиқ ўраб қўйилади. Сўнг докадан ўтказиб, кунига 2-3 марта овқатдан олдин бир пиёладан ичилади. Бу шифобахш ўсимлик, айниқса, аёллар саломатлиги учун фойдали. Негаки сийдик йўлларидаги шамоллашни даволашда унга тенг келадигани йўқ. Уретрит ва истисқо касаллигини даволашда: ТАРВУЗ - беморлар учун, айниқса, фойдали. У нафақат буйрак касалликлари, балки сийдик йўлидаги инфекцияларни даволашда ҳам фойдали ҳисобланади. Беморлар тарвузни кун давомида кўпроқ истеъмол қилишлари ёки унинг шарбатини ажратиб, наҳорга ва тунда ҳам уйғониб ичишлари тавсия этилади. Шунда сийдик ажралиши кучайиб, қовуқ ва сийдик йўллари зарарли бактериялардан тозаланади. | |
|
Барча изохлар: 0 | |